Автотранспорт воситаларининг габаритлари назоратга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.05.2020 йилдаги 337-сонли "Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан автотранспорт воситалари вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:
Автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом;
Катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситаларининг йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин автомобиль йўлларини ўрганиш тўғрисидаги Низом;
2020-2022 йилларга мўлжалланган вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини қуриш, модернизациялаш ва замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича тадбирлар дастури.
Автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш, махсус техника харид қилиш ва сақлаш бўйича Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (кейинги ўринларда-Қўмита) буюртмачи этиб белгиланди. Тизимни молиялаштириш Қўмита фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Қўмитага уч ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқиш топшириғи берилди:
автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш турғун (стационар) ва кўчма пунктларини қуриш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини (асосларини);
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш турғун ва кўчма пунктларининг намунавий лойиҳаларини.
Вазн ва ҳажм ўлчаш назорат пунктлари стационар, кўчма ва автоматлаштирилган (фото ва видео суратга олиш функцияларига эга автоматлаштирилган тарзда ишловчи махсус воситалардан фойдаланувчи назорат пункти) бўлади.