Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир қатновларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 14 майдаги йиғилиш баёни қарори билан Республикада карантин муддати 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилди. Шунингдек, карантин қоидалари босқичма-босқич енгилаштириб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 18 май кунидан эътиборан Тошкентдан Нукус, Урганч ва Термиз шаҳарларига авиа қатновларни, Навоий, Қарши ва Бухоро шаҳарларига Афросиёб тезюрар поезди, Фарғона водийсига темир йўл қатновини тиклаш бўйича қарор қабул қилинди ҳамда Республика махсус комиссияси томонидан маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби ишлаб чиқилди.
Тартибга асосан карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларида йўловчиларга қуйидаги талаблар қўйилади:
Рейсларга чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим.
Бунда Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлган йўловчилар рейсларга қўйилади.
Барча йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудига киришдан олдин тана ҳарорати ўлчанади.
Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилади.
Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлган йўловчиларга авиа ва темир йўл хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули белгиланган тартибда қайтариб берилади.
Йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.
Аэропорт ва темир йўл вокзалларида умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шаҳобчаларининг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Йўловчилар савдо автоматларидан фойдаланишлари мумкин.
Йўловчилар ҳаво кемаларига ва темир йўл вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.
Авиа ва темир йўл қатновларига электрон чипталар онлайн тарзда сотилади. Йўловчиларнинг поезд ва самалёт салони бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланади, ҳожатхонадан фойдаланиш ҳолати бундан мустасно.
Мазкур вақтинчалик тартиб талабларини бузган фуқаролар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонуний жавобгарликка тортилади.
Карантин даврида йўловчилар самалёт бортида ва темир йўл вагонларида ижтимоий масофа сақланган ҳолда қуйидаги кўринишда жойлашрилади.