Йўналишсиз таксиларда йўловчи ташиш тартиби белгиланди.

11.05.2020

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолати ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, карантин чекловлари жорий йил 8 майдан бошлаб "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифага кирувчи ҳудудларга ажратиш белгиланди ҳамда Бухоро вилояти сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар мунтазам аниқланганлиги туфайли «қизил» ҳудуд тоифасига киритилди.

Комиссиянинг 2020 йил 8 майдаги йиғилиш баёни Қарорига мувофиқ, Республикада коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда республика ҳудудлари жорий йилнинг 11 майидан эътиборан туман ва шаҳарлар "қизил", “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилди.

Комиссиянинг мазкур қарори билан йўналишсиз таксиларда йўловчи ташишга фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудлардагина рухсат берилди.

Агарда муайян ҳудуд “қизил” тоифага киритилиб, унинг таркибидаги туман (шаҳар)лар “сариқ” ва “яшил” тоифаларга киритилган тақдирда, ушбу туман (шаҳарлар)да йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.