Бухорода 20 нафар вирусдан тузалди.

Бухорода 16 апрель куни 20 нафар хориждан келган бемор коронавирусдан бутунлай халос бўлди.
Бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан 20 нафар бемор коронавирусдан бутунлай халос бўлиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Бундан бир неча кун аввал чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога олиб келинган ҳамюртларимиз Бухоро шаҳридаги “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган эди. Аммо уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Фидоий шифокорларимиз томонидан олиб борилган самарали даволаш муолажалари натижасида улар дарддан бутунлай фориғ этилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадарсоғайганлар сони 28 нафарга етди.
Касалликдан тузалган беморлар вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган, дезинфекцияланган автобусларда реабилитацияга кузатилди.
Айни пайтда қадар юртимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан тузалганлар сони 127 нафарга етди.