Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузурида "Аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази" иш бошлади

Бугунги короновирус пандемияси муносабати билан карантин шароитида фуқароларимиз ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан-да муҳим. Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги ҳузурида давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар, солиқ, банк ҳамда бошқа тегишли органлардан иборат таркибда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази иш бошлади. Ушбу марказ орқали фуқароларимиз ва тадбиркорларимизга қийналаётган масалаларида тезкор амалий ёрдамлар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, марказ томонидан тадбиркорлик субьектларига инфратузилма ва хом ашё таъминоти, маҳсулот ва ишчиларни ташиш, солиқ, кредит, божхона, аҳоли вакилларининг ҳудудлардаги савдо марказларида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари ва бошқа истеъмол товарлари нархи асоссиз оширилаётганлиги билан боғлиқ мурожаатлари, уларга кўрсатилаётган тиббиёт, коммунал, банк, транспорт хизматлари ва бошқа масалаларда амалий ёрдам бериб борилади. Демакки, бирорта тадбиркор ёки аҳоли вакиллари ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Бунинг учун муаммога дуч келаётган фуқаролар ёки тадбиркорларларимизнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришларига йўл қўйилмайди.
Улар 1055 қисқа телефон рақамига қўнғироқ қилсалар кифоя. Барча мурожаатлар тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида тезкорлик билан кўриб чиқилади.