Грузия-Туркия чегарасида юк автомашиналари ҳаракати тикланди.

03.04.2020

Ўзбекистон юк машиналарини Грузия-Туркия чегараси орқали ўтказиш тикланди.

Коронавирус тарқалишини камайтириш борасида кўрилаётган шошилинч чоралар сабабли Туркия ҳудудига миллий юк ташувчиларимизнинг кириши чекланган эди.

Мазкур масалани ҳал этиш борасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги Туркия ва Грузиянинг масъул вазирлик ва идоралари билан музокаралар олиб борди. Музокаралар якунида ушбу масла ижобий ҳал этилди.

Туркия томонидан олинган маълумотга кўра ўзбекистонлик автоташувчилар Туркия ҳудудига Ўзбекистондан чиққан кунларидан бошлаб 14 кунлик муддат тугаганидан кейин киритилади.

Туркия Божхона идораси ва Савдо вазирлиги 2020-йил 30-март кечасидан бошлаб Ўзбекистон юк ташувчи транспорт воситаларини киритиш тикланганлигини тасдиқлади. Бугунга қадар Грузия-Туркия чегарасини 50 дан ортиқ юк транспортлари кесиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Анқара ва Боку шаҳарларидаги элчихоналари вазиятни назоратга олган.