2 апрелдан бошлаб, божхонада янги норма кучга киради

01.04.2020

Жорий йилнинг 2 апрелидан бошлаб, ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар авто, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида ахборотларни олдиндан электрон тарзда божхона органларига тақдим этиш шарт бўлади.

Шу вақтга қадар эса мазкур амалиёт ихтиёрий тарзда амалга ошириб келинар эди.

Ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида дастлабки электрон тарзда олдиндан ахборотни божхона органларининг ахборот тизимига бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали:

автомобиль транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтишидан бир соат олдин;

темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан бир соат олдин;

узоқ йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига учиб келишидан икки соат олдин;

қисқа йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг учиш вақтида юбориши шарт.