Транспорт бўйича чекловлар ўрнатилди.

01.04.2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, 2020 йил 24 мартдан Бухоро вилоят ҳокимининг 23.03.2020 йилдаги 67-Ф-сонли фармойишига асосан, Бухоро вилоятида йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари (автобуслар, микроавтобуслар, Дамаслар) ҳамда Бухоро-Тошкент йўналишида қатновчи йўналишсиз таксилар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.
Шунингдек, Бухоро вилоят ҳокимининг 26.03.2020 йилдаги 71-Ф-сонли фармойишига асосан, 27 март кунидан бошлаб барча автотранспорт воситалари учун Бухоро шаҳрига кириш ва чиқишда чекловлар ўрнатилди, шу куни март соат 10:00 дан эътиборан вилоятлараро транспорт воситалари (автобус, автомобиль, шаҳарлараро такси, авиа, темир йўл транспорти)нинг ҳаракати (юк ташиш ҳоллари бундан мустасно) бутунлай тўхтатилди. Бунда муайян ҳудудга таалуқли автотранспортларнинг (транзит) ўз ҳудудларига кириб боришига рухсат берилди.
Бундан ташқари, вилоятлар таркибидаги шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади.
Фуқароларимиз соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилаётган ушбу чора-тадбирлардан ҳамда мавжуд эпидимиологик вазиятдан келиб чиқиб, йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилардан вилоятнинг шаҳар ва туманларида вақтинчалик фаолият олиб бормаслиги талаб этилади.
Ҳурматли фуқароларимиздан яна бир бор зарурат бўлмаганда уйда қолишни сўраб қоламиз.