Марғилонда ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаган 19 нафар фуқаро маъмурий қамоққа олинди.

12.03.2020

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 10 март куни Фарғона вилоят Марғилон шаҳрида 19-нафар йўналишдаги Дамас ҳайдовчиси маъмурий қамоққа олинган. Хабарда қайд этилишича, шаҳар марказидаги Б.Марғилоний кўчасида жойлашган савдо мажмуаси рўпарасида Марғилон - Фарғона шаҳарлари ҳамда Қиргули мавзеси йўналишларида ҳаракатланувчи “Дамас” русумли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари йўлнинг қатнов қисмида ҳамда ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлагида бетартиб туриб олиб, пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатига халал берган. ЙПХ инспекторлари томонидан ҳолат бўйича тушунтиришлар берилган бўлсада, ҳайдовчилар тартибсизликлари давом этаверган. Шундан сўнг ҳайдовчилар шаҳар ИИБ га олиб кетилган, тартибсизликлар ИИБ биносида давом эттирилиб, майда безорилик содир этилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик иши Марғилон шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган 19 нафар “Дамас” ҳайдовчиларига жазо тайинланди. Уларнинг 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.