Электрон билетлар билан поездга чиқиш янада осонлашди.

11.03.2020

Ўзбекистон темир йўллари АЖ нинг хабар беришича, йўловчиларга қулайликлар яратиш ҳамда поездларга чиқиш вақтини қисқартириш мақсадида электрон билетларни махсус QR-код орқали текширувчи махсус мосламалар жорий этила бошланди.

Сотиб олинган янги мосламалар “AFROSIYOB” поездларининг биридасиновдан ўтказилмоқда. Ушбу технологиянинг жорий этилиши йўловчиларга кассага бориб билет сотиб олмасдан, уни электрон расмийлаштириб, поездга чиқиш имконини беради. Электрон билетни расмийлаштирган йўловчиларга энди билетни А-4 форматида чоп этиш зарурати бўлмайди, яъни электрон билетни смартфон ёки планшетларда тақдим этиш кифоя. Ўтказиш пункти ходимлари ҳамда вагон кузатувчилари электрон билетнинг ҳақиқийлигини махсус мослама билан текширади, кейин эса йўловчи билет бўйича ўз жойини эгаллаши мумкин бўлади.

Ҳозирда қурилмалар “Тошкент-Марказий” вокзалида синовдан ўтказилмоқда. Кейинчалик тизим барча вокзалларга жорий этилиши режалаштирилган. Синов ишлари март ойининг охиригача давом этади.